«Qo’qon teatri: kecha, bugun, ertaga»

Халқаро ҳунармандчилик фестивали тобора яқинлашяпти. Қўқон мусиқали драма театри жамоаси олдида ҳам фестивални юқори савияда ўтказиш борасида масъулиятли вазифалар турибди. Худоёрхон ўрдаси, Дастурхончи мадрасаси ва бошқа тарихий обидаларда меҳмонларни муносиб кутиб олиш, уларга саҳна кўринишлари орқали ҳунармандчилигимиз ва шаҳримиз тарихи ҳақида маълумотлар бериб бориш театр актёрларидан катта тайёргарлик талаб этади.

Театр директори Азизхон Аҳмедов раҳбарлигидаги жамоа томонидан фестивалда ижро этиш учун мазмунан мос келадиган саҳна кўринишлари тайёрланяпти. Қўқон хони Худоёрхон даврида ҳунармандларга қандай эътибор кўрсатилганлиги акс этган тарихий спектакль саҳналаштирилди. Режиссёр Дилшод Аҳмадалиев шаҳримиз тарихига оид китоблардаги маълумотларга таяниб, турли тарихий даврларга оид саҳна кўринишлари тайёрлаш устида ишлаяпти.

Фестивалга ва янги мавсумга тайёргарлик ишларини режалаштириш мақсадида “Қўқон театри: кеча, бугун, эртага” мавзуида илмий-амалий семинар ҳам ўтказилди. Анжуманда театр ижодий жамоаси, шаҳар зиёлилари иштирок этдилар.

Театр директори Азизхон Аҳмедов республикамизда Давлатимиз раҳбари томонидан театр санъатини ривожлантиришга берилаётган катта эътиборга жавобан соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир ходим ҳам ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши кераклигини таъкидлади. 5 та муҳим ташаббус бўйича театр жамоаси томонидан шаҳримиз ва атроф туманларда ибратли ишлар қилингани, 7 та мактабда ёш томошабинлар театри ташкил этилганлиги ва бошқа ибратли ишларга тўхталди.

Ўзбекистон халқ артисти Шафоатхон Раҳматуллаева театр репертуарини янада яхшилаш, томошабоп асарларни саҳнага олиб чиқиб, театрга томошабинни қайтариш, Халқаро фестивални ҳамжиҳатликда ўтказиш борасида ўз таклифларини берди.

Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими, режиссёр ва драматург Азимжон Азизов ва Жўрахон Пўлатовлар ёш актёрларнинг билим савиясини ошириш, “Устоз ва шогирд” анъанасини қайтадан тиклаш зарурлигини билдирди.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Фарғона минтақавий филиали директори Шамсиддин Усмонов Президентимиз Қўқон мусиқали драма театрига ташриф буюриб, театрнинг ютуқ ва муаммолари билан танишгач, шаҳарда маданият ва санъат ходимларини тайёрлашга ихтисослашган институт очилгани, бу ўрта маълумотли театр актёрларига ўқиш учун яхши имконият эканини таъкидлади. Актёр ва актрисаларга олий маълумот олиш учун ўзи раҳбарлик қилаётган ўқув даргоҳида яратилган шарт-шароитлар ҳақида гапирди. Эндиликда институт ҳудуди кенгайиб (Туризм ва сервис коллежи бинолари олийгоҳга берилди), келгусида сиртқи ўқитиш йўналишлари ҳам очилиши ҳақида маълумот берди.

Ш. Усмонов ўз сўзида театрнинг буюк тарихи, яъни кечаси, бугуни ва эртаси ҳақида ҳам сўзлади. Тарихий йилларда театрларда ишлаш учун шароит бўлмаганлиги, совуқ кунларда юпун кийимларда роль ижро этилиб, неча-неча актёрлар оёғидан айрилгани, белини совуққа олдиргани, ҳаттоки совуқ, захлик туфайли юздаги гримни ювишдан ҳам қўрқишгани ҳақида гапириб ўтди. Қўқон мусиқали драма театри барча талабларга жавоб берадиган тарзда қурилгани, бугун ижодкорларга бу масканда муносиб шарт-шароит борлигини эътироф этди. Театрни янада жонлантириш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Адабий эмакдош Абдулатиф Турдиалиев театр репертуарини шакллантириш борасидаги камчиликларга тўхталиб, уларни бартараф этиш йўллари ҳақида фикрларини айтди. Ёзувчи Носир Зоҳид 50 йиллар аввал томошабин кўплигидан театрга одам сиғмаганлиги, саҳнада иккита актёр соатлаб гаплашиб ўтирса ҳам одамлар саҳнадан кўз узмай, эринмай эшитиб ўтиришларини эслади. Эндиликда томошабинларнинг дунёқараши, талаби ўзгачалиги, шунга яраша театрда ҳам ўзгариш ясаш кераклигини таъкидлади.

Ёш ижодкорлар театрга мусиқа усталари – пианино ва бошқа мусиқа асбобларини маҳоратли чалувчиларни жалб қилган ҳолда мусиқали саҳна кўринишлари қўйиш кераклиги ҳақида таклифлар бердилар.

Театр директори Азизхон Аҳмедов театрда фестиваль муносабати билан таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани, актёрларнинг кийимлари янгилангани, тарихий кийимлар ҳам босқичма-босқич янгиланиши, тажрибали мусиқачилар ишга таклиф этилишини билдирди. Анжуманни якунлар экан, эркин ва самарали ўтганлигини таъкидлади.

Маълумот ўрнида: Қўқон театрни республикадаги тўнғич театр. 1915 йилда ўзбек миллий театри асосчилари – Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ва Ўзбекистон халқ артисти Миршоҳид Мироқилов томонидан ташкил этилган.

Posted in Uncategorized.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan