san'at va madaniyat instituti

10 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган кун

Ҳар тонг давлатимиз мадҳияси садолари остида янги кунни кутиб олар эканмиз, кўз олдимизда гўзал манзара намоён бўлади. Унинг ҳар бир чуқур маънога эга сатри, мардонавор ва соҳир оҳанги бизни сеҳрлаб қўяди, қалбимизда Ватанимиздан фахрланиш, бугунимиздан шукроналик ва эртамизга улкан ишонч ҳиссини жўш урдиради. Давлат рамзлари мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи, халқимизнинг шаъну шавкати, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва орзу-умидларини ўзида мужассам этувчи муқаддас тимсоллардир.

Шу боис Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан мустақилликнинг илк кунларидан халқимизнинг озодлик, ҳурлик сингари энг буюк орзу-интилишларини, маънавий қадриятларини ифодаловчи, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, юртга садоқат, бунёдкорлик ва яратувчанликка ундовчи Бош қўшиқни қабул қилишга асосий эътибор қаратилди.

1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун имзоланди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган мадҳиямизда мусаффо осмонимиз, бахтли ва фаровон ҳаётимиз, халқимизнинг асрий орзулари, келажакка ёруғ умиди ва мустаҳкам ишончи теран ифодаланган.
Ҳа, халқимиз омон экан мустақил мамлакатимиз юксак тараққиёт, буюк келажак барпо этиш сари одимлашда давом этади, улуғ халқнинг мангу қўшиғи – мадҳиямиз халқимиз, фарзандларимиз қалбидан чуқур жой олиб, олам узра баралла янграйверади. Бу қўшиқ она Ватанимиздан ғурурланишга, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга, бугунимизнинг қадрига етишга, янги марраларни забт этишга ундайверади.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданияти институтининг Фарғона минтақавий филиалида мадҳиямиз қабул қилинган кун муносабати билан тадбир ташкил этилди. Филиал талабалари ва ўқитувчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси ижро этилди.

ЎзДСМИ Фарғона минтақавий филиали матбуот хизмати,
Расмий веб сайт: www.dsmi-qf.uz
Телеграм канал: t.me/uzdsmifmf
Фейсбук саҳифаси: facebook.com/dsmi.fmf.14
Инстаграм саҳифаси: www.instagram.com/dsmifmf/?hl=ru
You tube канал: www.youtube.com/channel/UCMSJ-vC2pC4yS4-kh4NL2uQ

Posted in Uncategorized.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan