Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Карим Йўлдошев 80 ёшда

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалида бетакрор режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Карим Йўлдошевнинг муборак 80 йиллик таваллуд кунига бағишланган ижодий кеча ташкил этилди. Карим Йўлдошев 1940 йил 15 – январь куни таваллуд топган. Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг режиссёрлик факультетини тугатган. 1965-1975 йилларда Наманган театрида бош режиссёр, сўнгра директор вазифасида, 1975-1986 йилларда Қашқадарё театрида бош режиссёр лавозимларида ишлаб келган. Энг яхши спектакллари «Сарвқомат дилбарим», «Лайли ва Мажнун», «Алпомиш», «Қатағон», «Ғариблар», «Соҳибқирон Темур» ва яна бошқа бир неча асарларни саҳналаштирган. Айни дамда режиссёр Карим Йўлдошев Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалида фахрий профессор – ўқитувчи лавозимида фаолият юритмоқда. Филиалнинг «Мусиқали театр актёрлиги» ҳамда «Мусиқали театр режиссёрлиги» йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабаларнинг севимли устози. Бугунги кечага меҳмон бўлиб Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Аъзамович Усмонов ташриф буюришди. Санъат ва маданият соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилиб ўз ўрнига эга бўлган устоз санъаткор Карим Йўлдошевни қутлуғ муборак ёши билан табриклашди ҳамда эсдалик совғаларини тақдим этишди. Шундан сўнг юбилей эгасини табриклаш учун Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали директори, доцент Шамсиддин Усмонов сўзга чиқиб бутун жамоа номидан таваллуд эгасига узоқ умр, соғлик омонлик ҳамда ижодий куч – қувватлар тилаб, эсдалик учун совғалар топширишди. Ижодий кеча давомида Карим Йўлдошев билан биргаликда ижод этган яқин дўстлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жўрахон Пўлатов ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Хурсаной Умаровалар иштирок этишди. Сўнгра филиалнинг иқтидорли талабалари томонидан дилтортар жонли куй ва қўшиқлар, жозибали рақслар, шунингдек Карим Йўлдошев саҳналаштирган спектакллардан парчалар намойиш этилди.
Ўзбек театрчилик санъатига беқиёс ҳисса қўшган, минглаб муносиб актёрларни элга танитган, ёшларнинг севимли устози, камтарин инсон Карим Йўлдошевни яна бир бор 80 – йиллик таваллуд куни билан чин дилдан муборакбод этамиз.

ЎзДСМИ Фарғона минтақавий филиали матбуот хизмати,
Расмий веб сайт: www.dsmi-qf.uz
Телеграм канал: t.me/uzdsmifmf
Фейсбук саҳифаси: Dsmi Fmf
Инстаграм саҳифаси: www.instagram.com/dsmifmf/?hl=ru
You tube канал: www.youtube.com/channel/UCMSJ-vC2pC4yS4-kh4NL2uQ

Posted in Uncategorized.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan