Коррупцияга қарши кураш

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалида коррупция ҳолатларини олдини олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда филиал ўқитувчи ва ходимлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари – Қўқон шаҳар прокурори ёрдамчиси Ҳусанжон Раҳимжонов, Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлими тезкор ходими Лазизжон Эгамовлар иштирок этишди.
Тадбирни филиал директорининг ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Акмалжон Сатторов очди ва олиб борди.
Даставвал, Қўқон шаҳар прокурори ёрдамчиси Ҳусанжон Раҳимжонов сўзга чиқди. Коррупция лотинча сўз бўлиб, ўзбек тилида “айниш, порага сотилиш” деган маъноларни билдиради.
Коррупция деганда мансабдор шахснинг ўз мансаби бўйича берилган ҳуқуқлари ва ваколатларидан ўзининг шахсий мақсадлари бўйича фойдаланиши, шахсий бойишдан ва бевосита суиистеъмол қилишдан иборат бўлган амалиёт тушунилади.
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги 419-сонли қонунида коррупция тушунчасига ҳуқуқий жиҳатдан таъриф берилган. Унга кўра “Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш”дир.
Ҳар бир шахс ўз ҳаётида ҳеч бўлмаганда бир маротаба бўлса ҳам таъмагирлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларига дуч келган.
Коррупция атамаси янги бўлиб, халқимиз томонидан ушбу иллат йиллар давомида порахўрлик сифатида эътироф этиб келинган.
Халқимизнинг бой ўтмишидан ва кечаги кунидан коррупциянинг кўринишларини кўришимиз мумкин. Чунки коррупция ва порахўрликнинг маданий-маиший омиллари ва кўринишлари адабиёт ва тарихда очиқ ёритилади. Бунинг асосий сабаби шундаки, халқнинг барча қатлами ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва илмий-публицистик манбааларни билишмайди ва бунга зарурат ҳам етмайди баъзида. Иккинчидан, порахўрик иллати йиллар давомида халқимиз томонидан ишлатилиши натижасида қонун-қоидаларга айланган мақоллар ва ҳикматли сўзларда ҳам маълум қилиниб келинган.
Жумладан, “Сиздан угина, биздан бугина”, “Еган оғиз уялар”, “Бой борича, йўқ ҳолича”, “Ҳамма нарсанинг давоси пул” ва ҳоказо.
Коррупция жинояти ва унинг кўринишлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ва манбааларда “латент”, яъни яширин жиноят сифатида эътироф этилади.
Одатда, коррупция ҳолатларининг аниқланганлари билан ҳуқуқий муносабатлар фаол юзага келади ва унинг натижаси тўғрисида гапирилади. Холбуки, ушбу иллат ўзининг яширинлиги ва кўзга кўринмаслиги, кўзга кўринган тақдирда ҳам ошкора маълум қилинмаслиги билан аҳамиятлидир.
Машҳур адиб Абдулла Қаххорнинг “Ўғри” ҳикоясидаги “Бекка етгунча белинг синади”, “Бемор” ҳикоясидаги “Осмон йироқ, ер қаттиқ” каби мақоллар бежиз эмас албатта.
Айниқса адиб “Тобутдан товуш” асарида асар қаҳрамони бўлган қорининг тилидан коррупцияни қуйидагича тасвирлаб беради. “Битта гўл порахўрни тутишдан кўра йигирмата учар ўғрини тутиш осонроқ. Ўғри урган киши “дод, ўғрини ушла!” дейди, пора берган киши “дод, порахўрни ушла!” демайди. Бундан ташқари, биров анқов, порахўрни билиб туриб пайқамайди. Биров порахўрнинг билагидан оққан мойни итдай ялайди, биров “порахўр ҳуркмасдан олсин, бемалол есин” деб поранинг отини “совға”, “ҳадя”, “тўёна”, “ёрдам” қўйиб беради. Поранинг яна бир ғалати хили. Хушомадгўй – лаганбардор деган махлуқ мансабдорни сигирдай ялаб, жунини тескари қилиб ташлайди! Мансабдор ҳам хуш ёқиб, бузоқдай бўйнини эгиб тураверади”.
Юқоридаги ҳолатдан кўринадики ўша давр одамлари томонидан ўзларининг муаммоларини пул ёки бошқа нарсалар орқали ҳал қилиниб келинган.
Мана неча йиллардирки коррупция иллати халқимиз орасида ўзининг салбий оқибатлари билан ҳамнафас равишда ривожланиб келмоқда.
Коррупциянинг келтириб чиқарувчи асосий омиллар сифатида шартли равишда қуйидагиларни кўрсатишимиз мумкин:
Ижтимоий-маданий омиллар – кишилардан ажратиб бўлмайдиган урф-одатлар, аҳолининг ҳуқуқий билими ва даражаси етарли эмаслиги;
Иқтисодий омиллар – мулкий тенгсизлик таъсири, йирик маблағларга эга бўлган айрим кишиларни ўз даромадини янада кўпайтириш мақсадида ва рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиши учун ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиши, уларни ўз иҳтиёрларига бўйсундириши (XVI яшаган Н.Макиавелли ўзининг маҳур “Подшоҳ” асарида коррупцияни амалдорлар томонидан амалга ошириладиган талончилик тури сифатида баҳолаган);
Маиший омиллар – кундалик турмушда дуч келувчи йиғди-йиғдилар, совға-саломлар бериш, юқори мартабали шахслар олдига қуруқ қўл билан бориб бўлмаслик фикрининг устунлиги;
Маъмурий омиллар – қонунларнинг мазмун-моҳиятидан тўлиқ хабардор эмаслик, манфаатлар тўқнашуви, номукаммал ишлаб чиқилган қонунлардан шахсий манфаат йўлида устамонлик билан фойдаланиш. (Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Ахлоқи Мухсиний” асарида “Билсинки то бир киши бошқалардан пора олмаса, бошқаларга пора бермайди” деган эди);
Институционал омиллар – бошқарувнинг кучсизлиги, мансабдорларни ёллашнинг осонлиги, узоқ вақт бир жойда ишлашга ишончсизлик ва бошқалар.
Шундан сўнг Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлими тезкор ходими Лазизжон Эгамов сўзга чиқди.
Бугунги кунда таълим ва тиббиёт соҳалари коррупция чуқур илдиз отган соҳа сифатида барча томонидан эътироф этилади. Талабанинг ўқишга киришидан тортиб, ўқиш давридаги имтиҳонлар, ўқтувчилар билан ўзаро муносабатларининг коррупциялашганлигини ҳеч ким рад қилолмайди.
Олий таълим ва ўрта-махсус таълим муассасаларидаги ички назоратнинг сустлиги, талабаларнинг давоматини ва ўқув дастурларини ўзлаштиришларини тўлиқ назорат қилинмаслиги, маҳаллий таниш-билишчиликнинг авж олганлиги коррупцияни янада кучайтирмоқда.
Юқоридагиларни таҳлил қилиш орқали коррупциявий омилларни олдини олиш ва бартараф этиш йўллари сифатида қуйидагиларни амалга ошириш лозим мақсадга мувофиқдир:
– оилада ота-оналар томонидан фарзандларини тарбиялашда бирон нарсани бошқа нарсанинг эвазига ва беркитикча иш қилишдан ўзини тийишга эътибор қаратиши лозим. Чунки, коррупцион хулқ қадриятлар асосида вужудга келади ва ривожланади;
– фуқаролар учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлари фаолияти (давлат сирлари ва бошқа сирлардан ташқари) очиқ бўлиши лозим;
– жамиятнинг барча жабҳасида шаффофлик бўлиши ва давлат буни таъминлаб бериши керак;
– мансабдор шахслар, айниқса ҳокимлар томонидан ўз ваколатларини амалга оширишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига тўлиқ риоя этишлари лозим;
– жамоатчилик назорати амалда кучли бўлиши керак, фуқаролар томонидан ҳар қандай ноқонуний фаолият ва суиистеъмолчиликларга қарши муросасиз курашиш лозим;
– фуқаролар давлат органи раҳбари қарори ёки ҳатти-ҳаракати устидан судга мурожаат қилиши, судларнинг мустақиллиги давлат томонидан тўлиқ кафолатланиши керак;
– туғилган бола то ақлини танигунига қадар оилада ва маҳаллада тарбияланишини эсдан чиқармаган ҳолда маҳаллий одатлар ва анъаналардаги коррупция аломатларини назоратга олиш лозим;
– фуқаролар ўртасида кенг авж олган совға-саломлар беришни ҳуқуқий асосларини яратиш лозим. Ҳанузгача пора совға тариқасида берилиб келинмоқда, совғанинг ҳажми ва қиймати ҳамда бошқа белгиларига қараб уни тартибга солиш мақсадга мувофиқ;
– раҳбар лавозимларга ва нуфузли амалларга лойиқ кўрилаётган шахсларни ишга тайинлашда уларнинг ҳалоллиги, поклиги, бировларнинг ҳақидан қўрқиши ва уларни ҳурмат қилиши, қонунлардан хабардорлигига ва бошқа муҳим сифатларга эгалигига эътибор бериш лозим. Бир қарашда булар умумий талаблардек туюлиши мумкин, бироқ, ҳанузгача муқаддам коррупциявий ҳолатларни содир этган ва уларни содир этишдан амалда пушаймон бўлмаганлар ўз лавозимларида қолаётганлиги, ёки қамоқдан чиққанидан кейин ҳам раҳбар лавозимларга тайинланиши кишиларда ижтимоий адолатга бўлган ишончни сўндирмоқда.
Шу сабабларга кўра кишиларнинг хулқ-атворини ижобий тарафга ўзгартирмасдан, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини тўла таъминламасдан ва уни самарали амалга оширмасдан туриб коррупцияни йўқотиб бўлмайди.
Шунингдек тадбирда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича мутахассис томонидан йиғилганларни Интернетдан фойдаланишда хушёрликка чақирилди. Чунки виртуал оламда ҳали дунёқараши тўлиқ шаклланмаган ёшлар, шунингдек, ўз қатъий фикри, позициясига эга бўлмаган кишиларни ўз домига тортиб кетадиган вайронкор ва бузғунчи ғояларни ўзига асос қилиб олган оқимлар Интернет тармоғида кўпайиб бормоқда. Шуни унутмаслик лозимки, экстремизм ва терроризм – тараққиётимиз, тинчлигимиз душмани. Тинчлик буюк неъмат, инсон ҳаётининг бирламчи шарти ҳисобланади. Барча эзгу мақсадларнинг рўёби аввало шу неъматга боғлиқдир.
Тадбир сўнгида филиал раҳбарияти томонидан меҳмонларга миннатдорчилик билдирилди.
Posted in Uncategorized.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan