Маҳорат дарси

  Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалида Мусиқали Театр актёрлиги йўналишининг 1-босқич талабалари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Мунаввара Абдуллаева ҳамда ЎзДСМИ Фмфилиали директори, доцент Шамсиддин Усмонов билан биргаликда маҳорат дарсларини ўтказишмоқда. Талабалар саҳнада эркин ҳаракатланиш, равон нутқ сўзлаш, юз ифодасини (мимика) кўрсата олиш каби актёрлик санъатининг сирларини ўрганишмоқда.

ЎзДСМИ Фмфилиали фаолияти Фарғона ТВ да кенг ёритилмоқда

  Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали талабалари ўртасида ҳар ҳил беллашувлар, кўрик танловлар ташкил этилган. Яқинда ижодкор талаба ёшларимиз ўртасида ўтказилган «Ягонасан, муқаддас ватан» кўрик танлови босқичи Фарғона телерадикомпанияси ижодкорлари томонидан тасвирга олинган эди. Эътиборингизга ушбу кўрсатувни ҳавола этамиз.

Ёнғин келиб чиқишини олдини олайлик

  Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалида Қўқон шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлими 4-харбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми бошлиғи майор Набиев Анвар Ҳакимжонович билан биргаликда филиалнинг мураббий ўқитувчилари ва илмий ходимлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида майор Анваржон Набиев барчани ҳушёрликка чақириб уй жойимизда ва ишхонада фойдаланадиган электр маиший буюмларни, иситиш учун мўлжалланган электр ва газ (асосан газ балон) жиҳозларини назоратсиз қолдирмаслик кераклигини таъкидлаб ўтди. Қўқон шаҳримизнинг бир неча хонадонларида эътиборсизлик туфайли содир бўлган ёнғинлар, унинг салбий оқибатлари ҳаттоки ўлим билан якун топган ҳолатларга ҳам мисоллар келтирди. Дарҳақиқат бу каби нохуш ҳолатлар нафақат мол-мулкимиз ва уй жойимизга балки соғлиғимизга ҳам катта зарар етказишини бир ўйлаб кўрайлик! Биз катталар фарзандларимизга, таълим тарбия бераётган ўқувчи талабаларимизга ҳар доим ҳушёрликни ва огоҳликни ўргатмоғимиз лозим.

«Истеъдод» тўгараги

  Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалида бир-биридан қизиқ машғулотлар ва тўгараклар ташкил этилган. Филиал талабалари бўлажак касбларига оид саҳна ҳаракатлари, этюдлар, хонандалик ва созандаликнинг моҳирона ижрочилиги, жозибали рақс маҳорати каби бир нечта санъат турларини пухта ўзлаштиришмоқда. Шулар ичида мураббий ўқитувчи Равшанжон Деҳқонов томонидан ўтказилаётган «Истеъдод» тўгарагида ҳам талабалар саҳнада ўзини эркин тутиш, ўз шериги (дублёри) билан бир ҳил (синхрон) ҳаракатланиш сирларини ўрганишмоқда. Айнан ҳозирги фотолавҳалар «Истеъдод» тўгарагидан тасвирга олинган.

Директорнинг мураббий ўқитувчиларга муҳим топшириғи

  Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали директори, доцент Шамсиддин Усмонов филиалнинг мураббий хонанда, созанда, жўрнавоз ўқитувчилари билан учрашиб, уларга бир қатор топшириқлар беришди. 2019-2020 ўқув йилида тасдиқланган жадвал асосида амалий дарсларни ўз вақтида бажариш, меъёрий хужжатларни, гуруҳ журналларини мунтазам тўлдириб бориш, йиллик режа асосида ўтказиладиган тадбирларга фаол тайёргарлик кўриш, Ашула ва рақс, Фолклор ва этнография йўналиши бўйича таҳсил олаётган 1-2 босқич талабалари ичидан энг иқтидорли, ҳар томонлама пухта ўзлаштираётган талабаларни саралаб олиш ва уларни шаҳар, вилоят ҳамда республика миқёсида ўтказилаётган кўпгина кўрик танловларга тайёрлаш кераклиги ҳақида талаб ва таклифлар беришди.Учрашув сўнгида дарсдан ташқари ҳам қўшимча машғулотларни янада кўпроқ ташкил этиш, имкон қадар ҳар бир ижодкор талаба билан мустақил ишлаш режаларини тузиш мақсадга мувофиқ эканлиги юзасидан фикр мулоҳазалар билдирилди.

 

Амалий дарс машғулотлари

  Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалида таҳсил олаётган талабалар ижтимоий фанлар билан бир қаторда амалий ижодий фанларни ҳам катта қизиқишлар билан ўзлаштиришмоқда. Мураббий ўқитувчилар кўмагида янги куй-қўшиқлар, жозибали рақслар, саҳна ҳаракати машғулотларини мунтазам ўрганиб келишмоқда. Фолклор ва этнография йўналиши 2 – босқич талабалари ҳам халқ оғзаки ижоди намуналаридан куй-қўшиқлар ва лапарларни моҳирона ижро этишмоқда. Амалий дарс машғулотлари жараёнидан тасвирга олинган айрим лавҳаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

«Экологик маданиятни ёшлар тарбиясидаги ўрни»

  Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали мажлислар залида «Экологик маданиятни ёшлар тарбиясидаги ўрни» мавзуси остида давра суҳбати ўтказилди. Қўқон шаҳар экология ва атроф муҳитни мухофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Ғиёсжон Қуролов ва атмосфера ҳавосини ҳимоя қилиш бўйича бош мутахассис инспектори Шерзодбек Шерматовлар филиал талабаларига мавзуга оид бир қатор қизиқарли маълумотлар беришди. Озодалик ва тозаликка қатъий риоя этиш, атроф муҳитни ҳар ҳил чиқиндилардан сақлаш, кириб келган куз мавсумида дарахтлардан тўкилган ҳазон ва баргларни ёқиб юбормаслик, яшаш худудимиздан оқиб ўтаётган сув ҳафзаларини тоза тутиш ҳар биримизнинг вазифамиз эканлиги бўйича фикр мулоҳазалар ҳамда талаб таклифлар билдирилди.

Она ватанимизга бағишланган видеоролик

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали талабалари ва устоз мураббийлари серқуёш она заминимиз, жаннатмакон мустақил ватанимиз шаънига бағишланган, шеърий мисраларни ўз ичига олган видеоролик тайёрлашди. Ушбу видеороликни эътиборингизга ҳавола этамиз.

ЎзДСМИ Фмфилиали фаолияти ёритилган кўрсатувлар

   Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали фаолияти ва йўналишлари ҳамда таълим жараёни билан мунтазам таништиришда давом этмоқдамиз. Фарғона телерадиокомпанияси ижодкорлари томонидан филиалимизнинг илк фаолиятидан бошлаб тасвирга туширилган махсус кўрсатувларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

2019 – 2020 ўқув йили учун тўлов – контракт қиймати эълон қилинди

    Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалида Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлигининг 87 – 01 – 573 хатини ижроси бўйича йиғилиш ташкил этилди. Ушбу хат мазмуни бўйича ЎзДСМИ Фмфилиали ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Акмалжон Сатторов, Ўзбекистон композиторлар ва бастакорлари уюшмаси аъзоси, » Шуҳрат» медали, «Фидокорона хизматлари учун» орден соҳиби, ЎзДСМИ Фмфилиали «Театр санъати ва халқ ижодиёти» факельтет декани Рафиқжон Аҳмедов, филиал психологи Раҳматжон Қўзибоевлар сўзга чиқишди. Сўзга чиққанлар 2019 – 2020 ўқув йили учун олий таълим муассасаларида тўлов – контракт асосида ўқитиш қийматлари белгилангани, тўлов – контракт қиймати миқдорларини икки ҳил кўринишда «стипендияли» ва «стипендиясиз» амалга ошириш мумкинлиги, контракт тўловини ойма – ой бўлиб тўлаш имконияти берилгани, иқтидорли талабаларни рағбатлантириш мақсадида стипендия тайинлаш каби бир қатор янгиликлар билан таништириб ўтишди. Хат юзаси бўйича турли савол ва жавоблар ўтказилди, айни кунда долзарб бўлиб турган юқоридаги масалага ойдинлик киритилди. Стипендиясиз қиймат миқдорлари, ҳар ойлик талабага тўланиши белгиланаётган 400 000 сўм, бир йилда жами 4 800 000 сўмни чегириб ташлаш ҳисобига шакллантирилгани, стипендия билан (мисол тариқасида) – 10 792 960 сўм (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 17 баробарида), стипендиясиз – 5 992 960 сўм (10 792 960 сўм – 4 800 000) ҳамда 1 – 2 – 3 босқич талабаларига бир ҳил 400 000 сўмдан стипендия белгиланиши ва бошқа керакли маълумотлар билан таништириб ўтишди.